“Тонг юлдузи” газетасида иш бошлаган илк кунларнинг бирида таҳририятимизга Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон кириб келди ва қўлидаги қалингина папкани менга узатиб: “Тонг юлдузи” учун махсус, “Ҳакка холанинг иғволари” туркумидан, балки сонма-сон берарсиз, агар маъқул келса”, деди камтарлик билан. Мен ҳам хурсанд бўлиб, кейинги сондан бошлаймиз, устоз, дедим. Ҳикояни ўша куниёқ ўқиб чиқдим, менга жуда маъқул бўлди. Ваъда берганимдек, газетамизнинг навбатдаги сонидан “Ҳакка холанинг иғволари”ни чоп эта бошладик. Ҳафта мобайнида тайёрланган саҳифаларни босмахонага топширишдан аввал саҳифаларни яна бир бор кўздан кечираётиб, “Ҳакка хола иғволари” ҳамда кичик сарлавҳа “Баҳром ҳақида иғво”даги “иғво” сўзини бошқа сўз билан алмаштириш фикри туғилиб қолди. Бунинг учун эса муаллифнинг розилиги зарур. Анвар аканинг уй телефонига бир неча марта қўнғироқ қилдим, боғланишнинг имкони бўлмади. Уйларига кетишга шай бўлиб турган ходимлар ҳам Анвар Обиджоннинг қўл телефонини тезроқ топиш пайида. Қайта-қайта қўнғироқ қилдим, аммо боғлана олмадим. Вақт эса зиқ, саҳифаларни вақтида босмахонага топшириш шарт. Хуллас, нима бўлса бўлди, дедим-у, катта сарлавҳа “Ҳакка холанинг иғволари”ни “Ҳакка хола нима дейди?” деб ўзгартирдим. Кичик сарлавҳадаги “иғво” сўзини эса ўчирдим. Сарлавҳаларни ўзгартиришга ўзгартирдиму аммо Анвар ака хафа бўлиб қолмасмикин, деган хавотир кўнглимни хижил қилди. Дам олиш кунларининг қандай ўтганини билмайман. Хаёлимда фақат “Ҳакка хола”. Шундай кайфият билан душанба куни эртароқ ишга келдим ва тўғригазетамиз чоп этилаётган босмахонага йўл олдим. У ердан ҳали сиёҳи қуримаган бир дона газетани олдиму таҳририятга қайтдим. Йўлда “Гулхан” журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасановани учратиб қолдим. Заҳро опага воқеани гапириб бердим. Гапимни эшитишлари билан: Анвар акани хабардор қилишингиз керак эди, энди жуда хафа бўлади, устоз ҳар бир сўз устида тортишади-ку, сиз эса бутун бошли сарлавҳани ўзгартириб юборибсиз-а, деб бошларини сарак-сарак қилди. Бу гапдан хавотирим янада ортди. Тушкун кайфиятда хонамга кириб, Анвар акага боғланишга яна уриниб кўрдим. Телефон рақамини тераяпману хаёлимда гўшакни барибир ҳеч ким кўтармайди, деган ўй. Кутилмаганда, гўшакдан устознинг “Лаббай” деган овози эшитилди. — Ассалому алайкум, — дедим шошиб қолиб. Ҳол-аҳвол сўрашни ҳам унутиб, мақсадга ўтдим: — Анвар ака, “Ҳакка холанинг иғволари”дан парча беришни режалаштиргандик. Шу... сарлавҳадаги “иғво” сўзи бизга бироз ёқинқирамай турибди-да, шу сўзни ўзгартирсак, нима дейсиз? – дедим эшитилар-эшитилмас. — Вариантларингиз... – деди гапимни охиригача эшитгач. — “Ҳакка хола нима дейди?”, “Баҳром ҳақида”... Устоз жим тинглаяпти, яна давом этдим: — “Ҳакка холанинг деганлари”. — Биринчисини қўйинг, “Ҳакка хола нима дейди?”ни... кичик сарлавҳадаги “иғво” сўзини ҳам олинг, “Баҳром ҳақида” деб ёзинг. — Раҳмат, устоз, — деб гўшакни жойига қўйдим ва енгил тин олдим. Ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ўшанда устоз: “Ўзим қўйган сарлавҳам яхши, бошқасига ўзгартирманг”, деб туриб олса, нима қилардим... Иш бор жойда камчилик ҳам, хатолар ҳам бўлади. Аммо Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг бир гапи бор: “Болалар нашрларида бирорта хатога йўл қўйиш мумкин эмас”. Биз таҳририят ходимлари устознинг бу пурмаъно сўзларини ўзимизга шиор қилиб олганмиз ва доимо унга амал қиламиз. Аммо... Газетанинг ҳар бир янги сони тандирдан янги узилган нон иси каби жуда ёқимли. Буни, айниқса, босма нашрларда ишлайдиганлар чуқурроқ ҳис этади, назаримда. Мен ҳам эндигина босмахонадан чиққан газетамизни меҳр билан варақлаяпман. “Байрам оилада давом этсин” деб номланган сарлавҳа муаллифи Анвар Обиджоннинг газетхонларга тилакларини такрор кўздан кечирдим. “Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган ёзувни ўқидиму кўзларим тиниб кетди, фиғоним фалакка чиқди. Навбатчи мухбиру бош муҳаррир ўринбосари огоҳлантириш олди, асаблар таранглашди. Ўша куни кечгача қўлим ишга бормади. Хато кетганини ўзимдан эшитсинлар, дея минг хижолат билан устозга қўнғироқ қилдим. Бу вазиятда у кишидан ҳар қандай эътирозни эшитишга шай турардим. Салом аликдан сўнг: — Устоз, биздан бир хатолик ўтибди. Сизга қандай айтишни ҳам билмаяпман, — дедим гапни узоқдан бошлаб. — Сизни “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деб ёзиб юборибмиз. — Ҳеч хижолат бўлманг, шоир ҳам ёзувчи-да, — деди устоз кулиб. Феруза АДИЛОВА, “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири